• 2-Chimboy kuchasi, 96-uy Toshkent sh, Olmazor tumani
  • Telefon (71) 207 54 55
  • Dush - Jum 09:00 - 18:00

Все записи от admin

Фармацевтика тармоғидаги лойиҳалар кўриб чиқилди

Президент Шавкат Мирзиёев 6 сентябрь куни фармацевтика тармоғида амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболдаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Юртимизда фармацевтика бўйича катта имкониятлар бўла туриб, ундан тўла фойдаланилмас эди. Охирги йилларда бу тармоқ “драйвер”лардан бири сифатида белгиланиб, изчил ривожлантириб келинмоқда. 

 

 

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 майдаги фармонига мувофиқ, Нукус, Зомин, Косонсой, Сирдарё, Бойсун, Бўстонлиқ ва Паркентда фармацевтикага ихтисослашган эркин иқтисодий зоналар ташкил этилган эди. Ўша йили 7 ноябрдаги фармонга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги тузилди. Доривор ўсимликлар етиштириш, уларни қайта ишлаш, инвестициялар жалб этиб, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун кенг шароитлар яратилди.

Буларнинг натижасида сўнгги беш йилда 71 та янги корхона ташкил этилиб, 2 минг 500 дан ортиқ турдаги дори воситалари, 241 турдаги тиббий буюмлар ва 78 турдаги тиббий техника ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 2 баробар ошди.

Лекин бу натижалар ҳали етарли эмас. Бугунги кунда маҳаллий корхоналар ички бозор талабини натурал ҳажмда 55 фоизга таъминланмоқда, холос.

Келгуси беш йилда тармоқда ишлаб чиқариш ҳажмини 3 баробар ошириш, ички бозорни таъминлаш даражасини натурал ҳажмда 80 фоизга етказиш вазифаси қўйилган. Шу мақсадда 2022-2026 йилларга мўлжалланган истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилган.

Тақдимотда ана шу лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, жами 1,25 миллиард долларлик 104 та инвестиция лойиҳаси режалаштирилган. Уларнинг натижасида 376 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрланиб, 84 миллион долларлик экспорт қуввати яратилиши ҳисоб-китоб қилинган. Энг муҳими, 9 мингга яқин киши иш билан таъминланади.

Президентимиз бу лойиҳаларнинг ижтимоий ва иқтисодий аҳамиятини таъкидлаб, уларни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берди.

Тақдимотда маҳаллий доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Мамлакатимиз ҳудудида 750 турдаги доривор гиёҳлар ўсади. Улардан фойдаланиб, дунё бозорида харидоргир табиий маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун ҳамма шароит яратиб берилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 10 апрелдаги қарори билан ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш ва қайта ишлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди, муайян ҳудудлар доривор ўсимликлар етиштиришга ихтисослаштирилди. Бу йўналишда 19 та корхона ишга туширилди.

Лекин 750 турдаги доривор ўсимликлардан фақатгина 70 таси маҳаллий корхоналар томонидан фаол ишлатилмоқда.

Президентимиз юртимиздаги доривор ўсимликларни чуқур қайта ишлаш орқали экспортни 15 миллион долларга етказиш ва 5 мингдан ортиқ аҳолини иш билан таъминлаш мумкинлигини таъкидлади. Мутасаддиларга шу йўналишдаги кластерлар фаолиятини йўлга қўйиб, ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

Бунда, доривор ўсимликларни етиштириш учун ер майдонларини ажратиш, уруғчиликни ривожлантириш, агрономларни тайёрлаш, доривор ўсимликларни қайта ишлаш ҳамда истеъмол бозорларини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш топширилди.

Соҳадаги яна бир йирик лойиҳа – “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластеридир. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 28 январдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган ушбу замонавий марказ Тошкент вилоятининг Зангиота туманида барпо этилмоқда. Хусусан, фармацевтика университети, фармакопея маркази, илмий-тадқиқот маркази, экспертиза маркази, лабораториялар, виварий ва илмий-тажриба ишлаб чиқариш биноси қурилмоқда.

Шунингдек, бу ерда 140 миллион долларлик 7 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.

Тақдимотда биофармацевтик дори воситаларини ўзлаштириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

Юртимиздаги корхоналарда 3 мингдан ортиқ номдаги дори воситалари ишлаб чиқарилаётган бўлса-да, улар асосан бир компонентли, мураккаб бўлмаган дори воситаларидир.

Шу боис Президентимиз онкологик, гормонал, қон препаратлари, вакциналар каби инновацион биотехнологик дори воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берди.

Соғлиқни сақлаш тизими давлат харидлари орқали маҳаллий фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, халқаро стандартлар асосида тайёрланаётган маҳсулотларни сертификациялашни соддалаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Илм-фан ва саноат корхоналари кооперациясини ривожлантириш, замонавий билимларга эга малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича топшириқлар берилди.

Соҳани янада ривожлантириш бўйича алоҳида дастур тайёрлаш вазифаси қўйилди.

Токиодан қайтган паралимпиячилар тантанали равишда тақдирланди

Токио паралимпиадасида жами 19та медал жамғарган Ўзбекистон жамоаси Тошкентда кутиб олинди. Совриндорларга пул мукофотлари, квартира ва автомобиллар совға қилинди.

Делегация Тошкент халқаро аэропортида кутиб олинди. У ердаги қисқа тантаналардан сўнг жамоа аъзолари жой олган автобуслар карвони “Янги Ўзбекистон” боғига етиб борди.

Маросимда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов ва бош вазир Абдулла Арипов спортчиларни қозонилган муваффақият билан табриклаб, уларга аталган совғаларни топширди.

  • Олтин медал соҳибларига:
    200 минг доллар, 3 хонали уй, Tahoe автомобили;
  • Кумуш медал совриндорларига:
    100 минг доллар, 2 хонали уй, Traverse автомобили;
  • Бронза медал совриндорларига:
    50 минг доллар, 2 хонали уй, Trailblazer автомобили топширилди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Токио паралимпиадасига 48 спортчи билан 55 та йўлланмани қўлга киритган эди. Якунда жамоа 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза, жами 19 та медалга сазовор бўлди.

Жамоа аъзоларидан Нурхон Қурбонова бирйўла иккита медал билан қайтди: у найза улоқтиришда кумуш, ядро улоқтиришда бронза медалини қўлга киритди.

Умумий ҳисобда Ўзбекистон 162 делегация орасида мусобақани 16-ўринда якунлади.

Бу – Осиё қитъаси (Хитой, Япония ва Эрондан сўнг) ва МДҲ (Россия, Украина ва Озарбайжондан кейин) мамлакатлари орасида тўртинчи, Марказий Осиё ва туркий халқлар орасида биринчи кўрсаткичдир.

Ўзбекистон Рио-2016 Паралимпия ўйинларида ҳам Ўзбекистон 8 та олтин билан 16-ўринни эгаллаганди.

Токиода эришилган 19та медалнинг 9таси енгил атлетика, 6таси дзюдо баҳсларига тўғри келади. Сузишда 2та, таэквондо ва пауэрлифтингда 1тадан медал қўлга киритилди.

Паралимпиада-2021 чемпионлари:

  • Учқун Қуронбоев (дзюдо, -66 кг)
  • Нозимахон Қаюмова (Ф13 классида найза улоқтириш)
  • Моҳигул Ҳамдамова (Ф57 тоифасида диск улоқтириш)
  • Феруз Саидов (дзюдо, -73 кг)
  • Бобуржон Омонов (Ф41 классида ядро улоқтириш)
  • Ҳусниддин Норбеков (Ф35 классида ядро улоқтириш)
  • Сафия Бурханова (Ф12 классида ядро улоқтириш)
  • Гулжаной Наимова (таэквондо, +58 кг)

Кумуш медал совриндорлари:

  • Асила Мирзаёрова (Т11 классида узунликка сакраш)
  • Рўза Қўзиева (пауэрлифтинг, -61 кг)
  • Парвиза Самандарова (дзюдо, -57 кг)
  • Довурхон Кароматов (дзюдо, -81 кг)
  • Нурхон Қурбонова (Ф54 классида найза улоқтириш)

Бронза медал совриндорлари:

  • Ислом Асланов (100 метрга баттерфлай усулида (S13 класси) пара-сузиш)
  • Элбек Султонов (Ф12 классида ядро улоқтириш)
  • Нафиса Шерипбаева (дзюдо, -63 кг)
  • Шариф Халилов (дзюдо, -100 кг)
  • Нурхон Қурбонова (Ф54 классида ядро улоқтириш)
  • Шоҳсанам Тошпўлатова (200 метрга комплекс сузиш)

“Янги Ўзбекистон” университетига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди

Бугун, 6 сентябрь куни пойтахтимиздаги “Бунёдкор” стадиони ҳудудида Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Янги Ўзбекистон” университетига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди.

“Янги Ўзбекистон” университетига кириш имтиҳонларининг 1-босқичи – саралаш жараёнларига жами 6000 дан ортиқ талабгорлар рўйхатдан ўтган. 1-босқичдан 1213 нафар номзод муваффақиятли ўтиб, тест синовларида иштирок этди.

— Ушбу университетга механика муҳандислиги бўйича ҳужжат топширдим, — дейди Заҳрохон Анварова.— Дарахт бир жойда кўкаради, деган мақол бугунги кунга тўғри келмай қолгандек назаримда. Чунки бугунги ёшларга берилаётган имкониятларни кўриб одам кўп нарсаларни билгиси, жуда кўп касбларни эгаллагиси келади. Давлатимиз раҳбари “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири Салим Дониёровнинг саволларига жавобларида “Янги Ўзбекистон” университети мамлакатимиздаги барча олий ўқув юртлари учун намуна бўлади. Энг билимли ва истеъдодли ёшларимиз шу ерда ўқийди”, деган жавобни бердилар. Бундай фикрлар шахсан менга жуда катта мотивация берди. Энг билимли ёшларимиздан ташкил топадиган ушбу олийгоҳда ўқиб, тенгдошларимга ўрнак бўлишга ҳаракат қиламан.

Таъкидлаш жоизки, “Янги Ўзбекистон” университети ўз йўналишида “Дунёнинг энг яхши 100 университетлари” рейтингида 1-ўринда турадиган Массачусетс технология институти билан ҳамкорлик қилади.

Университетга маҳаллий мутахассислар билан бир қаторда хорижий педагог-кадрлар ҳам жалб этилган.

Мазкур университетга йўналишлар кесимида, механика муҳандислигига 100 ўрин, кимё муҳандислигига 100 ўрин, дастурий таъминот муҳандислигига 100 ўрин квота ажратилган.

— “Янги Ўзбекистон” университетига имтиҳонлар Cambridge Assessment ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилди, — дейди Cambridge Assessment ташкилотининг таълим йўналиши бўйича бош маслаҳатчиси Стеве Кинг. —Саволлар мактаб дарсликлари асосида тузилган. Саволлар солинган конвертлар муҳрланган ҳолда бизга топширилди ва ҳар бир имтиҳон жараёни бошланган пайтда номзодлар гувоҳлигида очилди. Ҳар бир фан учун ярим соат вақт ажратилди. Имтиҳон тугаганидан кейин жавоблар варақаси йиғилди ва бизга, яъни Cambridge вакилига топширилди.

Имтиҳон натижалари сентябрь ойининг охирига қадар эълон қилиниши кўзда тутилган.

 

Нигора Раҳмонова, ЎзА